Қурилиш вазирлиги бош режага зид равишда ер участкаларининг ажратилиши бўйича 370 та ноқонуний ҳаракатларни аниқлади

Источник: Anhor.uz

Қурилиш вазирлиги томонидан 2022 йилнинг 1-чораги ҳолати бўйича Бош режага хилоф равишда ер участкалари ажратилиши, қурилиш-монтаж ишларини келишилмаган ҳолда бошлаш ҳолатлари бўйича 370 та ноқонуний харакат аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълум қилди.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимликлар томонидан ҳудудлар бош режаларига зид равишда қарор қабул қилиш амалиёти ҳанузгача давом этмоқда.

Мазкур ҳолатларни бартараф этиш бўйича мутасадди идораларга тақдимномалар киритилишига қарамасдан, қонуний талаблар қаноатлантирилмасдан қолмоқда.

Масалан, 240 та шаҳар ва туман бош режалари устидан мониторинг ишлари олиб борилган. Натижада 814 та қоида бузилиш ҳолати аниқланди ҳамда улар юзасидан мутасадди идораларга огоҳлантириш хати ва тақдимномалар юборилди.

Авваллари инспекция ходимида қурилиш жараёнида камчиликликларга йўл қўйган масъулларни тўғридан-тўғри жаримага тортиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларига нисбатан чора кўриш ва қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш ва буздириш ишларини амалга ошириш ваколати йўқ эди.

Энди “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 99-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди ва инспекторлар томонидан тўғридан-тўғри чора кўриш амалиёти шаклланди.

127 та ноқонуний ҳолат юзасидан жарима жазоси қўлланилди ва 1 265 та мансабдор шахсга нисбатан ҳужжатлар тайёрланиб, маъмурий судларга юборилди».

225 та ҳолатда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатиб қўйилди ва қурилиш нормаларга риоя қилинмагани учун 41 та объектни буздириш ишлари амалга оширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.