USAID Ўзбекистонда COVID-19 га қарши курашиш учун 200 минг долларлик тиббий ускуналарни етказиб берди

Источник: USAID

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонга COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда фойдаланиладиган тиббий асбоб-ускуналар учун эҳтиёт қисмларни етказиб берди. Қиймати тахминан $211 000 га тенг ускуналар Қўшма Штатларда Zoll Medical Corporation томонидан ишлаб чиқарилган ва пандемиянинг дастлабки ойларидан мамлакатга етказиб берилган тиббий жиҳозлар ва вакциналарга қўшимчадир. Бу ҳақда USAID ташкилоти Anhor.uz нашрига хабар беради.

2020 йилнинг март ойидан бери АҚШ USAID ва Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари орқали Ўзбекистонда COVID-19 га қарши курашиш учун 18.2 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, мамлакатга COVID-19 га қарши 9.6 миллион вакцина келтирилди. USAID Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошчилигидаги мувофиқлаштирилган миллий фавқулодда чораларни қўллаб-қувватлади. Ушбу ёрдамнинг асосий мақсади – соғлиқни сақлаш тизимининг келажакдаги зарбаларга чидамлилигини оширишдир.

USAID кўмаги тиббий асбоб-ускуналар ва вакциналарни сотиб олиш, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакциналарни сақлаш ва тарқатиш имкониятларини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади. USAID тиббиёт ходимларининг COVID-19 ни даволаш ва касалликларни назорат қилиш салоҳиятини оширишга ҳам ҳисса қўшди. Бундан ташқари, USAID ҳамкорлари ва Ўзбекистон ҳукумати билан жамоатчиликни COVID-19 ва эмлашлар ҳақида аниқ илмий маълумотлар билан таъминлашга кўмаклашмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги 40 та ҳудудий тиббиёт муассасасига тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилди.

Америка Қўшма Штатлари USAID орқали мамлакатда COVID-19 тарқалишининг дастлабки кунларидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик қилмоқда. Ўтган икки йил мобайнида USAID Ўзбекистоннинг COVID-19 га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом эттирмоқда. Ўзбекистонда «стелс» Omicron BA.2 нинг яширин субвариантининг яқинда аниқланиши ортидан биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз миллий соғлиқни сақлаш тизимини COVID-19 ҳамда келажакдаги эпидемияларга қарши курашишга тайёр бўлишини таъминлашга ёрдам бермоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.