Ўқувчи қизни жинсий яқинликка кўндирган уч нафар фуқаро озодликка чиқди

Источник: unsplash.com

Тошкентда 14 ёшли ўқувчи қизни жинсий яқинликка кўндирган учта фуқаро муддатидан олдин шартли равишда озодликка чиқарилди. Бу ҳақда NeMolchi лойиҳаси хабар беради.

Лойиҳанинг маълумотларига кўра, воқеа 2021 йил 27 апрель куни содир бўлган. Тошкент мактабларидан бирининг жисмоний тарбия ўқитувчиси “ўз ўқувчисини олдиндан ижарага олган хонадонга чақирган ва икки дўстини ҳам таклиф қилган”.

“Улар шишани айлантириш ўйинини уюштирган, кейин эса қизни жинсий алоқа қилишга кўндиришган. У ҳеч қандай қаршилик кўрсатмагани учун жиноятни гуруҳли зўрлаш эмас, балки Жиноят кодексининг “16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш” 128- моддаси билан квалификация қилинган. Қизнинг онаси апелляцияда мағлуб бўлди”, – дейилади хабарда.

Улардан икки нафари олти ой қамоқда ўтирган. Собиқ жисмоний тарбия ўқитувчиси эса қамоққа олинганидан кейин 12 ой ўтиб озодликка чиқарилган. Маҳкумлардан бири ҳозир тиббиёт марказида регистратор бўлиб ишлайди, у ерда бошқалар қатори болаларга ҳам хизмат кўрсатилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Nemolchi.uz сўровига кўра, аввал мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаган 1991 йилда туғилган X.A.X 2021 йил 11 ноябрь куни Жиноят кодексининг 128-моддаси 2-қисми «а» банди билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани ва жазо муддати 2021 йил 4 майдан бошлаб ҳисобланиши ҳақида маълум қилган. Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2022 йил 7 майдаги ҳал қилув қарори билан 2 йил 11 ой 27 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисми Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан давлат фойдасига ойлик иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган.

2021 йил 11 ноябрь куни унинг дўсти 1993 йилда туғилган Г.Б.Ш.гa нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш  жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг 2022 йил 12 майдаги ҳал қилув қарори билан Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан 1 йил 5 ой 29 кун муддатидаги жазонинг ўталмаган қисми давлат фойдасига иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида ушлаб қолинган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазога алмаштирилган.

Жиноятни содир этган яна бир шахс 1994 йилда туғилган M.M.M. 2021 йил 11 ноябрда Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмига асосан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг 2022 йил 12 майдаги ҳал қилув қарори билан 1 йил 5 ой 29 кунлик озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазонинг ўталмаган қисми Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан давлат фойдасига ойлик иш ҳақининг 15 фоизини ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган.

Nemolchi.uz таҳририяти Ўзбекистон қонунчилиги бундай жиноят содир этган шахсларга нисбатан “юмшоқ” эканини бир неча бор таъкидлаган. “Кўриб турганимиздек, жиноятчилар колонияда ҳатто энг кам муддатларни ҳам ўтказишлари шарт эмас. Ўзбекистон қонунлари уларга шартли равишда озодликка чиқишга рухсат беради ва келажакда болалар билан ишлашни ҳам тақиқламайди. Бундай қонунларни ўзгартира оладиган, фарзандларимизни ҳимоя қила оладиган қонун чиқарувчилар ва депутатлардан умидимиз катта”, — дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.