Uzbekistan Airports компанияси хорижий авиакомпаниялар учун тарифларни пасайтирди

Источник: flickr

Uzbekistan Airports хорижий авиакомпаниялар учун тарифларни пасайтирди. Ставкалар ва тўловларни пасайтириш Ўзбекистон аэропортларининг рақобатбардошлигини оширади ва хорижий авиаташувчиларни кўпроқ жалб қилади, дейилади компания хабарида.

“Uzbekistan Airports” АЖ раҳбарияти хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга ошириладиган мунтазам рейсларга аэропортларда хизмат кўрсатиш тарифлари ва йиғимларининг янги рўйхатини тасдиқлади. Хусусан, қуйидаги хизматлар учун тарифлар ва тўловлар пасайтирилди:

– ҳаво кемаларининг учиши ва қўнишини таъминлаш;

– йўловчиларнинг авиация хавфсизлигини таъминлаш;

– ҳаво кемаларининг авиация хавфсизлигини таъминлаш;

– аэровокзалдан фойдаланиш;

– келган йўловчиларга хизмат кўрсатиш;

– кетаётган йўловчиларга хизмат кўрсатиш;

– “CUTE” платформасига киришни таъминлаш.

Тарифларнинг пасайиши тахминан ўртача 15%ни ташкил қилади. Ставкалар ва йиғимларнинг янгиланган рўйхати 31 октябрдан – IATA 2021/2022 қиш мавсумининг бошидан бошлаб жорий қилинади.

«Ўзбекистонга хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш учун биз аэропортларимизнинг жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга интиламиз, жумладан, хизмат пакетларини алоҳида вариантларга бўлиш ва уларнинг нархини пасайтириш. Авиакомпаниялар учун тарифларни пасайтириш – бу парвозлар нархини пасайтирадиган ва йўловчилар учун авиачипталар нархининг арзонлашиши учун дастлабки шартлар яратадиган муҳим қадам эди. Бизнинг тарафимиздан яна бир муҳим қадам – ҳеч қандай воситачисиз тўғридан -тўғри шартномалар асосида ишлаш. Яъни, аэропорт тўғридан -тўғри авиакомпания билан шартнома тузади ва авиакомпания фақат керакли хизматларни сотиб олади”, – деди “Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan Airports” АЖ иккинчи марта авиаташувчилар учун тарифларни пасайтирмоқда. Ставкалар ва тўловларнинг биринчи пасайиши ёзги жадвалга ўтилганда 31 мартдан ўртача 27%ни ташкил этди. Шундай қилиб, жорий йилнинг етти ойи мобайнида республика аэропортларида хорижий ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш бўйича чегирмаларнинг умумий миқдори 43%ни ташкил этди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.