Uzbekistan Airways компанияси Олмаота ва Актобе шаҳарларига рейсларни бекор қилди

Источник: wikipedia

2022 йил 6 январга мўлжалланган HY 9729/9730 Нукус-Актобе-Нукус ва HY 763/764 Тошкент-Олмаота-Тошкент йўналишлари бўйича авиақатновлари етиб борадиган аэропортларнинг техник сабабларига кўра бекор қилинди. Ушбу йўналиш бўйича парвозларни амалга ошириш кунлари ҳақидаги маълумот қўшимча эълон қилинади, дея хабар беради Uzbekistan Airways компанияси.

«Йўловчилар 6 январь куни Олмаота ва Актобега бекор бўлган парвозлар авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эгадирлар», – дейилади хабарда.

5 январь куни Олмаота аэропорти намойишчилар томонидан босиб олинди. Айни пайтда ҳокимият аэропорт устидан назоратни ўз қўлига олган.

«Улар аэропортгача етди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозир аэропортда 45 га яқин босқинчи бор. Улар кириши билан, ходимларимиз аэропортни тарк этди. Босиб олиш пайтида терминалда йўловчилар бўлмаган. Биз олдиндан йўловчиларни тезда эвакуация қилдик. Уларни 11 та дарвоза орқали олиб чиқдик. Айнан шу пайт самолёт учиб келди. Ҳарбийлар аэропортни тарк этди, аммо биз улар қачон кетганини билмаймиз. Ҳозир улар йўқ. Аэропорт ходимлари ўз кучи билан йўловчиларни эвакуация қилди», – дея хабар беради Олмаота аэропортининг матбуот хизмати orda.kz мухбирига.

Қайд этиб ўтамиз, 2 январь куни Қозоғистонда ёқилғи нархлари икки баравар ошиши сабабли норозилик намойишлари бошлаб кетди. Уч кунлик намойишлардан сўнг мамлакат президенти Қасим-Жомарт Токаев ҳукуматни истеъфога чиқарди, нархларнинг давлат томонидан бошқарилишини жорий этди, шунингдек мамлакатнинг учта ҳудудида фавқулодда вазият режимини эълон қилди. Аммо норозилик намойиши ҳамон давом этмоқда. 5 январь куни эрталаб намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви юз берган, улар йирик шаҳарлардаги маъмурий биноларни қўлга олган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.