Президент ЕТТБ президенти бошчилигидаги делегация билан учрашди

Фото: президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни, Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи мажлиси арафасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида шерикликнинг юксак даражасига эришилгани, яқин ва самарали ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилган.

«Бугунги кунда банкнинг мамлакатдаги лойиҳалари портфели 4,4 миллиард евродан ошган. Уларда хусусий сектор улуши 70 фоизга яқинлашди», – дейилади хабарда.

Ҳамкорлик йўналишлари ва кўламини, энг аввало, кичик ва ўрта бизнес, хотин-қизлар тадбиркорлиги, муқобил энергетика, рақамли технологиялар каби соҳаларда кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида янги Шериклик стратегияси қабул қилинган.

Банкнинг фаол кўмаги ва бевосита иштирокида давлат корхоналарини хусусийлаштиришга тайёрлаш тадбирлари олиб борилмоқда, банк-молия соҳасида йирик битимлар амалга оширилди, “яшил” энергетика, транспорт инфратузилмаси, экология, ва бошқа устувор йўналишларда меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

Давлат раҳбари сув таъминоти, энергетика, йўл инфратузилмаси, “яшил” шаҳарларни ривожлантириш борасида янги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.