“Вагнер” ХҲКнинг ўқув марказидан қуролланган маҳбуслар қочди, уларнинг орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бор

Источник: https://donday.ru/

Donday нашри “Вагнер” ХҲК томонидан ёлланган қуролли маҳбусларни қидирувга бериб, уларнинг суратини чоп этди. Улар ўз-ўзини эълон қилган Луганск халқ республикасидаги ўқув марказидан қочиб кетгани айтилмоқда, деб ёзади Медуза нашри.

Ҳужжатдан маълум бўлишича, маҳбуслар 21-22 декабрь кунлари Луганск областининг Краснодонский районида жойлашган  “Вагнер” ХҲКнинг ўқув маркази ҳудудидан қочиб кетган.

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, қочган олти нафар шахс орасида уч нафар Ўзбекистон ва бир нафардан Россия, Беларус ва Қирғизистон фуқароси бор. Олтитасининг ҳаммаси қуролланган ва хавфли.

Donday.ru нашрининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси қочоқларни Дон областида қидиришаётганини тасдиқлаган.

Шахсий таркибдаги катта йўқотишлар туфайли Россия томони жазони ижро этиш тизими муассасаларида ҳам урушда қатнашиш учун хорижликларни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Июль ойида MediaHub журналистлари “Вагнер” гуруҳига Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини фронтга жўнатиш учун қандай ёллашаётгани, муҳожирларни “хавфсизлик тузилмаларида” ишлашга таклиф қилаётгани ҳақида гапирганди.

Шунингдек, аввалроқ Аnhor.uz нашри ҳам Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар ўзларини урушга ёлланишдан қандай ҳимоя қилишлари ҳақида ёзганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.