Вазир Узун туманида ўқитувчи аёлларнинг калтакланиши билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 31-мактабда эркак ўқитувчи икки нафар ҳамкасб аёлни калтаклаган воқеани аянчли ва шармандали деб атади. Бу ҳақда Ҳилола Умарованинг видеомурожаатига таянган ҳолда, «Газета» нашри ёзади.
«Мен нима бўлганини кўриб даҳшатга тушдим. Муҳтарам юртбошимиз хотин-қизларга, ўқитувчиларга катта эътибор қаратаётган бир пайтда зиёлилар, ўқитувчилар ўртасида таҳқирлаш ҳолатлари содир бўлаётгани жуда ачинарли. Энди эркак ўқитувчи ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан назоратга олинди ва жазосиз қолмайди”, — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, жароҳатланган икки ўқитувчи шифохонада шифокорлар назоратида. У ҳам вазиятни назорат қилади.
“Ҳурматли устозлар, муҳтарам педагоглар, муҳтарам зиёлилар! Бундай аҳволга тушиб қолганимиз жуда ачинарли ва уятли. Аждодларимизнинг қони бизда, халқимизда оқади. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслигимиз керак”, — деди у.
Аввалроқ жамиятдаги зўравонлик ҳақида инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат билан интервьюни эълон қилган эдик. «Зўравонлик мавзуси ҳар доим долзарб бўлган, аммо у ёритилмаган», – деди у.
Шарҳлар