Вазирлар Маҳкамасида Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси ташкил этилади

2021 йил 1 сентябрдан Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти таркибида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 3 та штат бирлигидан иборат Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси ташкил қилинади. Бу ҳақда президент фармонида сўз боради.

Худди шу санадан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида амалдаги вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия котиби ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларидаги болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш шўъбасидаги бир нафар мутахассис лавозимларини мақбуллаштириш ҳисобига болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти ташкил этилади.

Туман (шаҳар) ҳокимликларида амалдаги вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссия котиби ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги болаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича методисти лавозимларини мақбуллаштириш ҳисобига болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ташкил қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси шўъбаси штат бирликлари прокуратура органларининг 3 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари тегишлича Болалар масалалари бўйича миллий комиссия , Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари этиб қайта ташкил қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.