Велосипедчилар тунда қатнов йўлида ҳаракатланаётганда ёруғлик қайтарувчи элементларга эга кийимда бўлишлари лозим

Источник: pixabay.com

Ҳукумат қарори билан йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланди. У 1 майдан кучга киради. Ҳужжатга кўра сутканинг коронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар нур қайтаргичли камзулда ёки нур кайтарувчи элементлар бўлган устки кийимда бўлиши шарт, деб ёзади “Спутник” нашри ЎзАга таянган ҳолда.

Ҳужжат билан мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада 30 километрдан, тураржой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Аҳоли пунктларида транспорт воситалари учун максимал рухсат этилган тезлик соатига 70 километр қилиб белгиланди. Бунда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги йўл ҳаракати қатнови юқори бўлган ва аҳоли гавжум ҳудудларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланиши мумкин.

Енгил автомобилларда юк ташишга уларнинг том қисмига ўрнатилган юкхонадаги юкнинг баландлиги 1 метрдан (махсус мосламалар билан мустаҳкамланган ҳолда велосипедларни ташиш бундан мустасно) ва узунлиги автомобилнинг габаритидан 0,5 метрдан ошмаган тақдирда йўл қўйилади.

Юк автомобиллари, Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган айрим истиснолардан ташқари барча ҳолатларда, йўлнинг фақат ўнг қатнов қисмидан ҳаракатланиши шарт. Транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойларида ва унга 30 метр етмасдан ёки ўтиб тўхташ тақиқланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.