Дунёда гепатит билан кунига 6 минг нафардан ортиқ инсон касалланади

Фото: ССВ

ЖССТнинг 2024 йилги Гепатит бўйича глобал ҳисоботига кўра, ушбу касаллик қурбонлари сони доимий равишда ўсиб бормоқда. Гепатит юқумли касалликлар орасида ўлим ҳолатлари сони бўйича дунёда иккинчи ўринда туради ва йилига 1,3 миллион инсон шу хасталикдан кўз юмади.

187 мамлакатдан олинган янги маълумотлар шуни кўрсатадики, вирусли гепатитдан ўлимнинг тахминий сони 2019 йилдаги 1,1 миллиондан 2022 йилда 1,3 миллионга кўпайган, уларнинг 83 фоизига гепатит В ва 17 фоизига гепатит С сабаб бўлган. Дунё бўйлаб ҳар куни В ва С гепатитларидан 3500 нафар киши вафот этади.

“Ушбу ҳисобот хавотирли манзарани акс эттиради: гепатит инфекцияларининг олдини олиш бўйича глобал ютуқларга қарамай, улардан ўлим ҳолатлари кўпаймоқда, чунки гепатит билан касалланган жуда кам одамлар ташхисдан ўтади ва даволанади, — деди ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус.

ЖССТнинг янгиланган ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда гепатит В билан касалланганлар 254 миллион ва гепатит С дан азият чеккувчилар эса 50 миллион нафарни ташкил қилади. Гепатит В ва С сурункали инфекциялари билан касалланганларнинг ярмини 30-54 ёшдаги одамлар, 12 фоизини эса 18 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Хасталанганларнинг 58 фоизи эркаклардир.

 

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.