Wi-Fi ҳудудларида хизматлар сифати ва ҳолати ўрганилди
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги рақамли хизматлар ва сервислардан қониқиш даражаси рейтинги шакллантирилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзкомназорат” инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Рухсора Машарипова маълум қилди.
2023 йилда соҳага оид 11 868 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 84,0 фоизи, яъни 9 920 таси ижобий ҳал этилган. Туризм масканлари, аэропорт, темирйўл, автовокзал ва бошқа жамоат жойларида ташкил этилган 3 749 та Wi-Fi ҳудудларида хизматлар сифати ҳолати ўрганилган ҳамда аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилган.
«Почта алоқа хизматлари орқали йўлланган хат-хабарларни белгиланган муддатларда етказилётганлиги ҳолати мониторинг қилиниб, 2 910 та (2022 йилда 11 417 та) камчилик бўйича 82 нафар маъсул ходимларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилган. Давлат органлари ва ташкилотларининг 100 дан ортиқ Call-марказ ва ишонч телефонлари фаолияти ҳар чоракда мониторинг қилинган», – дейилади хабарда.
Мониторинг натижаларига кўра, вазирлик ва идораларнинг Call-марказ ва ишонч телефонларига келиб тушган қўнғироқларга хизмат кўрсатиш даражаси ўртача 82 фоизни ташкил этган.
Call-марказ ва ишонч телефонлари фаолиятида аниқланган камчиликлар бўйича 12 маротаба огоҳлантиришлар берилиб, камчиликлар бартараф эттирилган.
Шарҳлар