WSJ: Алишер Усмонов Bridgewaters оффшорлар тармоғидан фойдаланган бўлиши мумкин

Источник: cnews.ru

Бир қатор россиялик миллиардерлар Bridgewaters оффшор инвестиция компанияси орқали АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги активларига эгалик қилишган. WSJ журналистлари уларнинг орасида Алишер Усмонов ҳам борлигини аниқлади. Бу ҳақда Spot нашри ёзади.

1996 йилда Британиянинг Мэн оролида рўйхатдан ўтказилган Bridgewaters воситачи компаниялар тармоғини бошқарган. У орқали россиялик мулкдорлар Meta, Airbnb ва бошқа Ғарб компанияларидаги улушларга, шунингдек, кўчмас мулк ва бошқа мулкларга эгалик қилишган.

Нашрнинг ёзишича, Усмонов Bridgewaters кўмагида лазер технологиялари билан шуғулланувчи АҚШнинг Quanery стартапига 175 миллион доллар сармоя киритган. У орқали тадбиркор билан боғланган венчур фонди компаниянинг 16% улушига эга бўлди.

Усмонов шунингдек, Airbus A340 самолётини оффшор тузилмалар орқали яширган. У Германиядан Ўзбекистонга Европа Иттифоқи миллиардерга нисбатан санкциялар жорий этганидан сўнг кўп ўтмай учиб кетган — мамлакат транспорт идоралари самолётнинг якуний эгасини танимаслигини таъкидлади.

Bridgewaters тармоғига кирувчи яна бир қанча компаниялар Германияда ҳашаматли уйларга эга. Усмоновнинг вакили Григорий Левченконинг сўзларига кўра, тадбиркор кўчмас мулкни ижарага олади ва даволаниш учун сафарлари вақтида у ерда яшайди.

WSJ шунингдек, Усмонов гўёки ўзи аввал раҳбарлик қилган “Газпром Инвестхолдинг”дан оффшор компанияларга пул ўтказгани ҳақида маълум қилади. Ўшанда маблағларни миллиардернинг “Металлоинвест” компанияси ишлатган.

Металл учун тўлов Credit Suisse банкида Bridgewaters тузилмаларидан бирининг ҳисобрақамларига тушган, бу ҳақда Усмонов ва унинг шериги билан ишлаган банкирлардан бири 2007 йил январдаги хатида қайд этган. “Газпром” маблағлари турли мамлакатлардаги савдо ва дистрибуторлик компаниялари тармоғига ўтказилган.

Бироз вақт ўтгач, Kanton Services оффшор компанияси «Газпром»нинг шўъба корхонасидан 350 миллион доллар кредит олади. Kompaniya эгаси Леон Семененко унинг ҳақиқий эгаси Усмонов деб айтган, аммо «Металлоинвест» учун пул ишлатилганини эслай олмаган.

Шунингдек, Kanton орқали ғарб технологик компанияларига инвестициялар йўналтирилган. Пул манбалари, Семененконинг сўзларига кўра, Усмоновнинг активлари ва унинг  акциялари билан таъминланган “Газпром Инвестхолдинг” кредитлари бўлган.

2011 йилда Bridgewaters компаниясини Кипрда жойлашган Gainfield Holdings ва швейцариялик банкир Маттиас Дитер Боллигернинг фирмаси сотиб олади. Иккала харидор ҳам Усмонов билан боғланган бўлиши мумкин, дея қайд этади WSJ.

Олдин россиялик миллиардер билан ишлаган Боллигер компанияга бизнесмен тузилмаларининг электрон почта манзилларидан хабарлар ёзган. Gainfield веб-сайти Усмонов фирмасида рўйхатдан ўтган IP-манзиллардан фойдаланган. Иккала томон ҳам даъво қилинган алоқаларни рад этади.

Bridgewaters компаниясининг бошқарувчи директори Марк Вил инвестиция компанияси қўшимча тушунтиришларсиз алоҳида мижозлар билан ишлашни тўхтатганини айтди. Холдинг санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беришни мақсад қилмаган, дея қўшимча қилди у. Усмоновнинг вакиллари ҳам унинг оффшор компаниялар билан алоқаларини рад этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.