WSJ: Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Беверли-Хиллздаги ҳашаматли уйини 36 млн долларга сотди

Особняк
Фото: EAGLEVIEW

Ўзбекистон биринчи президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевга алоқадор компания Беверли-Хиллздаги Le Palais  ҳашаматли уйини 36 миллион долларга сотди, деб ёзади The Wall Street Journal. Харидорнинг исми номаълум.

Тахминан 4450 квадрат метр майдонга эга уй 2013 йилда сотиб олинган. Variety нашрининг ёзишича, эр-хотин уни 33 миллион долларга сотиб олган.

“Муҳаммад Ҳадид томонидан қурилган бу улкан уйда ёпиқ сузиш ҳавзаси, 200 меҳмонга мўлжалланган бал зали, 40 ўринли кинотеатр, 10 дан ортиқ машина сиғимига эга ер ости гаражи ва массаж хонаси мавжуд”, — дейилади нашр хабарида.

Лола Каримова-Тиллаева ва Тимур Тиллаев The Wall Street Journal сўровларига жавоб бермади.

Лола Каримованинг Лос-Анжелесдаги Бэль Айр ҳудудида тўртта ҳашаматли саройи борлиги 2015 йилда маълум бўлган эди.

2020 йилда учта вилла сотувга қўйилгани ҳақида хабар берилган эди. Бу виллалар 2014 йилда 16,1 миллион долларга сотиб олинган ва ижарага берилган. Лола Каримова ва Тимур Тиллаев, Variety нашрининг ёзишича, Беверли-Хиллздаги Le Palais уйида яшаган. У Лола Каримованинг The Harmonist парфюмерия дўконига яқин масофада жойлашган.

Бу уй уларнинг энг қиммат мулки эмас. Нашрнинг ёзишича, оила Беверли-Хиллз, Париж ва Швейцария ўртасида яшайди. Уларнинг Женевада 47 миллион долларга сотиб олинган уйи ҳам бор.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.