Хорижда ишламоқчи бўлганлар чет тилларини ўқишга жалб қилинган
Йил бошидан хорижда ишлаш истагида бўлган 13 476 нафар фуқаро 30 га яқин турдаги касбга ва 2 980 нафар фуқаро чет тилларига ўқишга жалб қилинди, деб хабар берди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов.
Хорижга ишга кетишдан олдин фуқароларни чет тили ва касбларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Япониянинг “Prometric”, Германиянинг “ÖsD” билимни баҳолаш ташкилотлари ҳам инглиз тили бўйича билимни баҳоловчи бир нечта тизим фаолияти йўлга қўйилди.
«Жорий йилнинг I чорагида 70 мингга яқин фуқарога ахборот ва маслаҳат хизмати, 1901 нафарига ҳуқуқий, 438 нафарига ижтимоий, 827 нафарига моддий ёрдамлар кўрсатилган ҳамда агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларга иш берувчиларидан 186 минг АҚШ долларига яқин иш ҳақлари ундириб берилган», – дейилади хабарда.
Бугунги кунда Германия, Жанубий Корея, Туркия, Литва, Буюк Британия, Канада, Польша, Латвия, Япония, Финляндия, Руминия каби давлатларда тиббиёт, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, юк автомобиль ҳайдовчиси, пайвандлаш, электрик, IT каби соҳалар бўйича 160 мингга яқин бўш иш ўринлари аниқланган.
Шарҳлар