Йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида келмаса бекор бўлади

Фото: Хазраткулов Бехруз/Anhor.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда депутатлар «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишмоқда.

Қонун лойиҳаси билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга 48 соат ичида юборилмаган бўлса ишни кўриб чиқиш тугатиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситалари ҳамда индивидуал ҳаракатланиш воситаларини (скутер, мопед, велосипед ҳайдовчи, индивидуал ҳаракатланиш воситасини, уловли аравани бошқариб борувчи шахс томонидан содир этилиши) бошқариш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, МЖтКнинг 171-моддасига тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш белгиланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниши ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.