«Заковат» ҳаракатини қўллаб-қувватлашга ҳар йили 50 млрд сўм маблағ ажратилади

Источник: president.uz

Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги Bukhara Desert Oasis туристик мажмуида “Заковат” интеллектуал ўйинининг финали ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон президенти ҳам қатнашди. У ушбу ҳаракатни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳар йили 50 млрд сўм ажратилишини маълум қилди.

“Заковат” ўйинлари оммавий маърифий ҳаракатга айлантирилади. Ҳар бир мактаб, ҳар бир олийгоҳда “Заковат” клуби фаолияти барча йўлга қўйилади. Ғолиблар учун “Заковат” стипендияси жорий қилинади.

Тошкентда алоҳида бино ва Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этилади. Вилоятларда эса “Интеллектуал парклар”, Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида “Интеллектуал мактаб” ташкил қилинади.

Янги йилдан бошлаб талаба ёшлар ўртасида биринчи марта Президент соврини учун Интеллектуал олимпиада ўтказилади. Дунё тан олган олимлар, жумладан, Нобель мукофоти соҳиблари билан учрашувлар ўтказиб борилади.

«Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга махсус грант ва субсидиялар ажратилади», – дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати тарқатган хабарда.

“Заковат” клубига асос солган Абдурасул Абдуллаев ҳамда финал босқичи ғолиблари давлат мукофотлари билан тақдирланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.