«Ўзбекгидроэнерго» Тўпаланг ГЭСининг тўғони бузилгани ҳақидаги хабарни рад этди

Источник: «Узбекгидроэнерго»

Тўпаланг ГЭСи тўғонида ҳеч қандай муаммо йўқ, унинг ўпирилиб кетгани ҳақидаги хабарлар сохта. Бу ҳақда 22 июнь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Сурхондарё вилоятидаги Тўпаланг сув омборига туташ ҳудудни сув босиши акс этган видеолавҳаларга жавобан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати муносабат билдирди, деб ёзади «Фергана» нашри.

Ҳозирда станцияда ГЭСнинг иккинчи компонентини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Синов ишлари давомида босимли қувур орқали 40 куб метр сув чиқарилди. Айни вақтда ГЭС биносидан сув оқиб кела бошлади.

«Айни пайтда ушбу носозлик тўлиқ бартараф этилди. Тўғон билан боғлиқ муаммо мавжуд эмас. Хавотирга ўрин йўқ!»,дейди «Ўзбекгидроэнерго» мутасаддилари.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эрталаб соат 8:14 да сув омборида сув сатҳи кескин кўтарилгани ҳақида хабар берди. Режалаштирилган сув оқими секундига 70 куб метр бўлса, у 110 куб метргача кўтарилган. «Тўғон бузилмаган, сувни камайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дея хулоса қилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизматининг аниқлик киритишича, сув омборининг амалдаги ҳажми 378 миллион куб метрни, дренаж иншоотидан ўтаётган сув миқдори сониясига 120 куб метрни ташкил этади. Синов ишлари олиб борилаётган босимли сув қувури тўсини шикастланиб, қўшимча 40 кубометр атрофида сув миқдори ГЭС биноси орқали чиққан. Натижада умумий сув сарфи 160 кубометрга кўтарилган.

«Эътиборлиси, Тўпаланг сув омбори тўғонида муаммо бўлмаган. Қайд этиш жоиз, сув ҳажми секундига 160 куб метрни ташкил этиши Тўпаланг дарёси ўзанида (у секундига 600 куб метр сув олиш имкониятига эга) мутлақо хавфсиз бўлиб, қуйи оқимда жойлашган аҳоли ва корхоналар учун салбий оқибатларга олиб келмади. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Вазият тўлиқ назорат остида», — дея таъкидлайди «Ўзбекгидроэнерго» ходимлари.

Компания ўзбекистонликларни сохта хабарларга ишонмасликка, ваҳима қилмасликка чақирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.