Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга мажбурий тестдан ўтказиш жорий этилмоқда

Источник: Uzbekistan Airports

Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга мажбурий тестдан ўтказиш жорий этилмоқда. Махсус комиссия қарорига биноан мажбурий тест фақат Ўзбекистонга келганларга тааллуқлидир. Бу ҳақда Uzbekistan Airports компанияси хабар беради.

15 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси ва  Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати билан биргаликда барча Ўзбекистон халқаро аэропортларининг учиб келиш залларида экспресс-тест пунктлари ташкил этмоқда. Ўзбекистонга ҳаво транспорти орқали кириб келган барча фуқаролар мажбурий тарзда экспресс-тестдан ўтади. Тест топшириш қиймати ЎзР Марказий банки курси бўйича 5 АҚШ доллари миқдорида белгиланган. Талабалар учун, талаба чиптаси тақдим этилганда, 50% чегирма тақдим этилади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар тестларни бепул топширади. Икки ёшгача бўлган болалар ковид тестини топширмайди.

 «Махсус комиссия қарори билан Ўзбекистонга келган барча йўловчилар аэропортларда мажбурий экспресс-тестдан ўтказилади.  Тест Давлат божхона қўмитасининг Марказий лабораторияси томонидан амалга оширилади. Бунинг учун барча аэропортларда махсус зоналар ажратилган, тензобарьерлар ўрнатилган, карталар бўйича тўловларни қабул қилиш учун терминаллар, нақд пул олиш учун банкоматлар ва валюта айирбошлаш шахобчалари мавжуд. Аэропортларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, тест зонаси паспорт назоратидан ўтгунга қадар ёки ундан кейин ташкил этилади», — дейди “Uzbekistan Airports” АЖ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.

Тўловни амалга ошириб, чекни олган йўловчи тўғридан-тўғри тест топширишга юборилади, шундан сўнг паспортга штрих-код ёпиштирилади. Тест натижаси тахминан 15 дақиқа ичида берилади. Бу вақт ичида йўловчи юкини олиши ва божхона назоратидан ўтиши мумкин. Терминалдан чиқиб кетаётганда штрих код сканердан ўтказилади ва йўловчи коронавирусни аниқлаш учун топширган экспресс-тест натижасини олади. Тест натижаси ижобий бўлса, йўловчи изоляцияга жўнатилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.