Ўзбекистон Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги глобал индексида 74-ўринни эгаллади

Ўзбекистон Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги глобал индексида (WPS Index) 74-ўринни эгаллади. Индексда дунёнинг жами 170 та мамлакатидаги аёлларнинг аҳволи ҳақидаги маълумотлар тўпланган.

«WPS индексининг тенденциялари аёллар мақомининг глобал кўтарилиши секинлашганини, мамлакатлар орасидаги тенгсизлик эса ошганини кўрсатмоқда», — дейилади WPS Index ҳисоботида.

Хусусан, WPS Index кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистонда аёлларнинг парламентдаги улуши 2017 йил билан солиштирганда ошган (16,4% дан 28,7% гача). Аёлларнинг молиявий фаолиятдаги иштироки кўрсаткичи эса 2017 йилдаги 39,3% дан 2021 йилдаги 36% гача пасайган.

Аёллар томонидан ижтимоий хавфсизликни қабул қилиш кўрсаткичи ҳам ушбу давр учун 90,3% дан 85,7% гача пасайган.

Аёлларга нисбатан бирга яшайдиган эркак шериги томонидан зўравонлик ҳақида 2017 йил бўйича маълумотлар  йўқ. 2021 йилда эса бу кўрсаткич 7,3% ни ташкил қилган.

«Бу йил биз COVID-19 пандемияси аёлларнинг хавфсизлигида қандай акс этгани ҳақидаги маълумотларни олишга ҳаракат қилдик. Натижалар бизни хафа қилди. Бу борадаги WPS индекси пасайган, шу билан бирга мамлакатлар ўртасидаги фарқлар ҳам ошган. Бу аёллар мақомидаги тенгсизликнинг кучайишини акс эттиради, чунки юқори позициялардаги мамлакатларнинг индекслари яхшиланмоқда, пастдагилариники эса – ёмонлашмоқда. COVID-19 пандемияси мавжуд тенгсизликни кучайтирувчи инқирозларни келтириб чиқарди», — дейилади индексда.

WPS индекси Жоржтаун Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик институти ва PRIO гендер масалалари, тинчлик ва хавфсизлик маркази томонидан Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида чоп этилади.

WPS индексида Норвегия, Финляндия, Исландия, Дания ва Люксембург давлатлари етакчиликни эгаллади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.