Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади – ТИВ Украина ҳудуди билан боғлиқ вазият ҳақида

Источник: xs.uz

Ўзбекистон Республикаси ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир. Сўнгги вақтларда фуқаролардан Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатга изоҳ берди.

Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдоридир.

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келаётган Россия Федерацияси фуқаролари сонининг кўпайишига тўхталадиган бўлсак, уларнинг мамлакатимизда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмайди», – дейилади ташқи сиёсий идора хабарида.

Ўзбекистон Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан кейин мамлакатга қанча россиялик келгани ҳақида маълумот бермади. Қўшни Қозоғистон 100 мингга яқин россиялик келганини айтмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.