Ўзбекистон COP27 анжуманида минтақавий Иқлим кенгашини ташкил қилишни таклиф этди
Ўзбекистон халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр ва Минтақавий иқлим кенгашини ташкил этишни таклиф қилади. Бу иқлимга мослашиш бўйича лойиҳаларни тарғиб қилишда, чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашишда, сувни тежовчи технологияларни жорий этишда ҳамкорлик самарадорлигини ошириш имконини беради, деди Олий Мажлис Сенатининг раиси Танзила Норбоева Шарм ал-Шайх шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (СОР-27) томонларининг 27-конференциясида сўзлаган нутқида.
Парламент юқори палатаси раиси ўз нутқида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билангина оқибатлари Марказий Осиёда ҳам яққол кузатилаётган иқлим ўзгариши муаммосига қарши туриш мумкинлигини таъкидлади.
«Ўзбекистоннинг асосий мақсади – амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларга “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётга эришишдир. Бу йўналишда иқтисодиётнинг барча секторларида углероддан камроқ фойдаланишга ўтиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этиш устувор йўналиш ҳисобланади», — деди Танзила Норбоева.
Париж битими доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача ЯИМ бирлигига парник газлар чиқаришни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу мақсадларга эришиш учун қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга ошириш бошланди.
Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, 2026 йилга келиб “яшил” энергетика улушини 8 минг МВтга етказишни режалаштирилмоқда, бу эса карбонат ангидрид гази чиқаришни 5 млн тоннага камайтириш имконини беради. 2030 йилга келиб иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баравар ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини эса камида 25 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, у ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута экишни назарда тутувчи “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кўп жиҳатдан республикада иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ва уларга мослашишга хизмат қилишини ҳам тилга олди. Лойиҳа йилига 200 млн туп дарахт ва буталарни экишни назарда тутади. Натижада беш йилдан сўнг шаҳарлардаги кўкаламзор майдонлар ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошади.
Ўзбекистон Орол денгизи инқирози билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича қатъий чоралар кўрмоқда. Сўнгги беш йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 млн гектардан ортиқ ўрмон плантациялари барпо этилган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 2,5 млн гектаргача ёки ҳудуднинг қарийб 80 фоизини ташкил этади. БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси билан Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинди.
«Кейинги йилда Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича БМТнинг иккита йирик тадбирини ўтказиш режалаштирилмоқда. Барча халқаро ҳамкорларни ушбу форумлар ишида фаол иштирок этиш таклифи билдирилди», — дейилади Сенат хабарида.
Шарҳлар