Ўзбекистон делегацияси Ислом бирдамлиги ўйинларида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади
Туркиянинг Конья шаҳри мезбонлик қилган V Ислом бирдамлиги ўйинлари ўз якунига етди. Бир неча кун давом этган муросасиз беллашувларда 56 мамлакатдан ташриф буюрган 4000 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди. 265 нафар спортчи билан Коньяга ташриф буюрган делегациямиз якунда 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза, жами 158 та медаль билан умумжамоа ҳисобида мезбон Туркиядан сўнг иккинчи ўринни эгаллади, – дея хабар беради Миллий Олимпия қўмитаси.
Қўмитанинг таъкидлашича, ўйинлар икки йилдан кейин Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиадага тайёргарлик ҳисобланади.
“ Жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилиши керак бўлган Осиё ўйинлари орқали спортчиларимизни “имтиҳон”дан ўтказиш кўзда тутилган эди. Бироқ унинг келгуси йилга қолдирилиши кўплаб мамлакатлар учун Ислом бирдамлиги ўйинларининг аҳамиятини ошириб юборди. Шу боис барча жамоаларимиз Туркиянинг Конья шаҳрида ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларига қизғин тайёргарлик кўришди”.
Мусобақа давомида оғир атлетика, дзюдо, спорт курашлари, енгил атлетика, таэквондо, велоспорт, паралимпия, гимнастика, қиличбозлик, каби турлар салмоқли натижа қайд этганини алоҳида таъкидлаш жоиз, дея қайд этади Қўмита.
«Албатта, кикбоксинг, сузиш, каратэ, стол тенниси, камондан отиш каби қолган спорт турларида ҳам ўзига яраша юқори натижалар қайд этилиб, қимматли медаллар қўлга киритилди. Гарчи бронза медали учун кечган беллашувларда гандбол ва баскетбол 3х3 бўйича жамоаларимиз имкониятни бой беришган бўлса ҳам, қизларимиз мамлакатимизда жамоавий спорт турлари бутунлай янги босқичга чиқаётганини кўрсатишди». дея хулоса қилади қўмита.
Шарҳлар