Ўзбекистон “Демократия индекси”да 149-ўринни эгаллади

Источник: unsplash.com

Британиянинг The Economist Intelligance Unit тадқиқот ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган Democracy Index 2022 рейтингида Ўзбекистон 167 мамлакат ичида 149-ўринни эгаллади. 2021 йилда бу мамлакат рейтингда 150-поғонани эгаллаб турганди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Рейтинг ташкилотчилари Ўзбекистондаги демократия билан боғлиқ вазиятни 2,12 баллга баҳолаб, мамлакатни «авторитар режим»га эга давлатлар гуруҳига киритган. Демократия беш тоифада баҳоланди:

  • сайлов жараёнининг сифати ва плюрализм — 10 баллдан 0,08 балл;
  • ҳукумат фаолияти — 1,86 балл;
  • сиёсий иштирок — 2,78 балл;
  • сиёсий маданият — 5 балл;
  • фуқаролик эркинликлари — 0,88 балл.

Ўзбекистонда 2021 ва 2020 йилларда ҳам худди шундай кўрсаткичлар қайд этилганди.

“Демократия индекси” 2006 йилдан бери тузилади, у 160 дан ортиқ давлатни қамраб олган. Унинг тузувчилари давлатларни беш тоифадаги турли кўрсаткичлар бўйича баҳолайди, шундан сўнг улар ҳар бир давлатни режим турига кўра таснифлайди – “тўлиқ демократия”, “мукаммал бўлмаган демократия”, “гибрид режим” ёки “авторитар режим”.

Рейтинг муаллифлари 2022 йилда дунё аҳолисининг 8 фоизи яшайдиган 24 давлатни тўлақонли демократик давлатлар қаторига киритди. Номукаммал демократик давлатлар қаторига 48 та мамлакат киритилган бўлиб, уларда сайёра аҳолисининг 37,3 фоизи яшайди; гибрид режимдаги 36 мамлакатда жаҳон аҳолисининг 17,9 фоизи, авторитарлар қаторига киритилган 59 мамлакатда эса дунё аҳолисининг 36,9 фоизи яшайди.

Охирги тоифага Россия ва Хитой ҳам кирди. Украина гибрид режим сифатида таснифланди. Демократия рейтингида у 167 давлат орасида 87-ўринни эгаллади. Рейтингда Норвегия, Янги Зеландия ва Исландия етакчилик қилмоқда, Шимолий Корея, Мьянма ва Афғонистон эса рўйхат охирида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.