Ўзбекистон ЕОИИнинг иқлим, рақамлаштириш ва логистика бўйича лойиҳаларига қўшилиш ниятида

Источник: government.ru

Ўзбекистон ЕОИИнинг иқлим, рақамлаштириш ва логистика бўйича лойиҳаларига қўшилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Нур-Султонда бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакат бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди, деб ёзади Sputnik нашри.

“Ҳурматли ҳамкасблардан бугунги йиғилишда кўриб чиқилган электрон тижоратни ривожлантириш, темир йўл юкларини рақамлаштириш, “Евроосиё Экспресс” логистика лойиҳаси ва иқлим масалалари бўйича ҳамкорлик каби ташаббусларда Ўзбекистоннинг иштирокини маъқуллашни сўрайман”, — деди Арипов.

Арипов ЕОИИдаги ҳамкорларга қуруқлик транспорти орқали ташишни тиклашни таклиф қилди.

“Дунёдаги эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви кузатилаётгани ва мамлакатимизда аҳолини эмлаш ишлари олиб борилаётганини ҳисобга олиб, темир йўл ва автомобиль транспортида йўловчи ташишни тиклаш вақти келди, деб ҳисоблаймиз”, — деди бош вазир.

Унинг таъкидлашича, Евроосиё иқтисодий интеграциясининг 2025-йилгача бўлган стратегияси транспорт инфратузилмасини, жумладан, ЕОИИни “Бир камар – бир йўл” ташаббуси билан боғлаш доирасида ривожлантиришни назарда тутади.

“Шу нуқтаи назардан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасининг амалда амалга оширилиши минтақавий транспорт тармоғининг муҳим бўғинига айланиши мумкин”, — дея қўшимча қилди Арипов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.