Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг директори алмашди
Вазирлик ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Аъзам Нартаев бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Унинг ўрнига Алишер Темиров Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Темиров 2009 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаган. Ўтган йиллар давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббиёт техникаси сифатини назорат қилиш бош бошқармасининг янги тиббий асбоб-ускуналар бўйича қўмитаси раиси бўлган.
Темиров етакчилик малакасини ошириш дастури доирасида Германияда стажировкадан ўтган. Унинг бевосита иштирокида Ўзбекистон Европа ва Америка фармакопеяларида кузатувчи мақоми ва Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини яратишда уларнинг матнларидан нусха кўчириш ва уйғунлаштириш ҳуқуқига эга бўлди.
Бу лавозимга тайинлангунга қадар у Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фармацевтика тармоғини тартибга солиш ва дори воситаларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Шарҳлар