Ўзбекистон фуқароларидан иборат биринчи эвакуация колоннаси Львовдан Польша чегарасига йўл олди

Источник: пресс-секретарь МИД Узбекистана

26 февраль куни Тошкент вақти билан соат 20.30 да 90 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросидан иборат биринчи эвакуация колоннаси Львовдан “Краковец” НЎП йўналишида жўнаб кетди. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси шундай маълумотларни келтиради.

Чегарани кесиб ўтиш масаласи Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси билан биргаликда мувофиқлаштирилмоқда. Ўзбекистон ТИВ матбуот котибининг қайд этишича, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасида дипломатик миссия ходимлари ва диаспора вакилларидан иборат туну-кун фаолият юритаётган штаб ташкил этилган. Эвакуация қилинадиган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатини шакллантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Аризалар келиб тушишда давом этмоқда.

«Элчихонамиз Украина шаҳарларида содир бўлаётган воқеалар тўғрисида янги маълумотлар келиши заҳоти имкон қадар ватандошлар хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда».

Элчихона вакили талабаларимизнинг катта қисмини эвакуация қилиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш учун Харьков шаҳрида бўлиб турибди.

Олдин хабар берилганидай, Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишнинг энг хавфсиз варианти Польша ҳисобланади.

Польша ҳукумати Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Польша давлат чегарасини визасиз кесиб ўтиш ҳуқуқини беришга розилик билдирди.

«Фуқароларимизни Польшадан эвакуация қилиш Ўзбекистон авиакомпаниялари парвозлари орқали амалга оширилиши бўйича келишувга эришилди. Шу муносабат билан Львов шаҳрида диаспора вакиллари билан биргаликда, биринчи навбатда, эвакуация қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари рўйхатини шакллантириш билан шуғулланувчи мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этилди», – дея қайд этади матбуот котиби.

Шу билан бирга, бир вақтда фуқароларимизнинг Львовга гуруҳ бўлиб жўнаб кетишини, кейинчалик Польшага эвакуация қилинишини таъминлаш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

«Умумий сафарбарлик эълон қилиниши муносабати билан йўлларнинг айрим участкаларининг ёпилиши ушбу масалани ҳал этишни мураккаблаштирмоқда», – дея хулоса қилади матбуот котиби.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.