«Ўзбекистон ким томонида?» – саволга президент жавоб берди
Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида «Ўзбекистон ким томонида?» деган саволга жавоб берди. Сўз Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида бормоқда. Давлат раҳбарининг жавоби акс этган видеони унинг матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
«Замон жуда мураккаб, ҳозир катта-катта давлатлар Ўзбекистон, сен ким томондасан, деяпти. Нейтрал бўлиб юришинг бўлди энди, ё у томонга, ёки бу томонга ўтгин. Қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб, ўзлари ҳам шунга даъват», — деди президент.
«Бизга керак Ўрта Осиёда Ўзбекистон. [Аҳолиси] 36 миллион бўлди, 3−4 йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бўлади, ким томонсан, деяпти. Қани, бундай оғир саволга қандай жавоб бериш керак?!» — дейди давлат раҳбари.
«Жавобим битта — бир томонман. Миллатим, халқим буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент қайси давлатлар Ўзбекистондан ўз тарафини танлашни сўраётганига аниқлик киритмади.
Шарҳлар