Ўзбекистон Покистонга 40 тонна инсонпарварлик ёрдамини юборди

Источник: ИА "Дунё"

Аҳолиси мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари оқибатида сув тошқинларидан азият чеккан Покистонга қардошларча ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкентдан ушбу мамлакатга инсонпарварлик юки жўнатилди. Покистонга ҳарбий ҳаво транспорти орқали қарийб 40 тонна юк етказилади. Инсонпарварлик юки таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан ўсимлик ёғи, ун, гуруч, гўшт консервалари, қандолат ва макарон маҳсулотлари, шунингдек тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар киритилган. Бу ҳақда “Дунё” АА ёзади.

Покистон ҳукумати номидан юкни Исломобод халқаро аэропортида Федерал фан ва технологиялар вазири Оға Ҳасан Балоч кутиб олди.

“Бугун биз мана шундай оғир кунларда биринчилардан бўлиб мадад қўлини чўзган ўзбек қардошларимизнинг чинакам ҳамдардлик туйғуларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Покистон ҳукумати ва халқи қардош Ўзбекистон раҳбарияти ва халқининг саховатли ишорасини юксак қадрлайди”, — деди вазир.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги департаменти бош директори Шоҳ Файсал Какар ҳам Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик учун миннатдорчилик сўзларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча ҳафта ичида Покистонда мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари 30 миллиондан ортиқ кишининг кундалик ҳаётини издан чиқарган. Мамлакатнинг ғарби ва жанубидаги Балужистон ва Синд провинциялари энг кўп зарар кўрган. Юз минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

ОАВ хабарларига кўра, кучли ёмғирлар ва улар келтириб чиқарган йирик сув тошқинларининг ҳалокатли оқибатлари натижасида 1000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.