Ўзбекистон Президенти “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонунни имзолади
Президент «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонунни имзолади. Унга кўра, фавқулодда ҳолат фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлиги, конституциявий тузум ва (ёки) ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳамда фавқулодда чоралар қўлламасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, алоҳида ҳолларда жорий этилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг бутун ҳудудидаги фавқулодда ҳолат 30 суткадан, айрим жойларда эса 60 суткадан ошиши мумкин эмас, деб ёзади UzNews нашри.
Фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаганда муддат узайтирилиши мумкин.
Фавқулодда ҳолат даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин:
- давлат органлари ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш
• ҳаракатланишга нисбатан чекловлар
• жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни муҳофаза қилишни кучайтириш
• фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга чекловлар
• озиқ-овқатни ва энг зарур нарсаларни сотиш, сотиб олиш ҳамда тақсимлашнинг алоҳида тартиби
• йиғилишлар, митингларни тақиқлаш ёки чеклаш
• транспортлар ҳаракатини чеклаш.
Бундан ташқари, фавқулодда ҳолат тартибини таъминлаш бўйича махсус давлат бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин:
– фавқулодда ҳолат тартибини таъминлаш бўйича давлат комиссияси;
– ҳудуд комендатураси.
Комендантлик соати реал ташқи хавф мавжуд бўлганида жорий этилиши мумкин. Бунда қоидаларни бузган шахслар комендантлик соати якунлангунга қадар ҳибсда сақланади.
Шарҳлар