Ўзбекистон президенти “Листвяжная” шахтасида содир бўлган фожиа муносабати билан Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россиянинг Кемерево вилоятидаги “Листвяжная” конида содир бўлган портлаш оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан мамлакат президенти Владимир Путинга таъзия йўллади, деб ёзади “Спутник” нашри.
“Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда шифо топишини тилади”, – дейилади хабарда
Россиянинг Кемерево вилоятидаги “Листвяжная” конида 25 ноябрь куни тутунланиш юз берганди. Ҳалокат юз берган вақтда конда 285 киши бўлган, уларнинг аксарияти ташқарига чиқишга муваффақ бўлган. Қолганларни қутқаришга қутқарувчилар юборилган, бироқ бироз вақтдан сўнг портлаш хавфи туфайли улар чақиртириб олинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 52 кишига етган, улардан 46 нафари шахтёр, 6 нафари қутқарувчи бўлган. 38 нафар кончи ва 11 нафар қутқарувчи эса касалхонага жойлаштирилган.
Вилоятда 26-28 ноябрь кунлари мотам деб эълон қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, метан газининг портлаши фавқулодда ҳодисанинг сабаби сифатида кўрсатилмоқда.
Шарҳлар