Ўзбекистон президенти “Толибон” ҳаракати вакиллари билан музокараларга ўз муносабатини билдирди

Источник: president.uz

Ўзбекистон президенти Афғонистондаги “Толибон” ҳаракати вакиллари билан ўтказилган музокаралар ҳақида гапириб берди.

«“Толибон” билан кеча ёки бугун эмас, икки йил олдин ҳеч қайси давлат улар билан гаплашмаганда мулоқотни бошлагандик. Телевизорда кўрган бўлсангиз, уларнинг Доҳадаги раҳбари Мулла Абдулғани Бародар жаноби олийлари ҳам ўшанда Ўзбекистон халқига, Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берганди. Ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқот қилишимиз табиий… 2 йил олдин шундай воқеа барибир бўлишини билгандим», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар мулоқотга киришишга тайёрман», — дея қайд этади у.

Kun.uz қўшимча равишда президент Ўзбекистоннинг мудофаа қудрати ҳар қандай вазиятга тайёр эканини ишонч билан билдирганини маълум қилади.

«Афғонистондаги вазият ҳаммамизни ўйга солиши табиий. Хавотир олманглар, мудофаа қудратимиз ҳар қандай вазиятга тайёр, вазиятни назорат қилиб турибмиз. Лекин мени ўйлантиргани – улар бизнинг жонажон қўшнимиз, улар ҳам кўчиб кета олмайди, биз ҳам».

«Мана, кечадан бошлаб жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсадида Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширдик. Чунки Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож, агар улар тинчлик сари ҳаракат қилсалар, биз уларга кўмакчи бўламиз. Бошқа давлатлардан келаётган озиқ-овқатни поездлар орқали етказиб берамиз, ўзимиз ҳам бунга ҳисса қўшамиз. Чунки Мозори Шариф шаҳрига ягона темирйўл биз орқали ўтади», — деди давлат раҳбари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.