Ўзбекистон президенти ва Германия канцлери музокаралар ўтказди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи ушбу мамлакат федерал канцлери Олаф Шольц билан музокаралардан бошланди. Ташриф доирасида ўтган қўшма бизнес-форум якунида умумий қиймати 9 миллиард долларлик савдо, инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. «Яшил» энергетика, қазиб чиқариш, кимё, фармацевтика тармоқларида, транспорт инфратизулмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, инновация ва бошқа соҳалардаги кооперация лойиҳалари шулар жумласидан.
«Германия компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “KfW”, “Deutsche Bank” банклари ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан кенг кўламли шерикликни ривожлантиришга келишиб олинди», – дея қайд этади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.
Германия ҳукумати Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.
«Германия – Марказий Осиё» форматида мулоқот майдонини ишга туширишга аҳдлашиб олинди. Германия ҳукумати мамлакатимиз ҳудудларида немис тилини ўқитишни кенгайтиришга техник кўмак кўрсатиши тўғрисида келишиб олинди.
Умуман, ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Германия Федерал Канцлери Олаф Шольцни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Шарҳлар