Ўзбекистон Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдан чиқарилишига қарши овоз берди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг аксарияти Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдан чиқарилишини қўллаб-қувватлади. БМТ Бош Ассамблеясида 93 давлат “маъқул” ва 24 давлат “қарши” овоз берган, “қарши” овоз берганлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Яна 58 давлат бетараф қолди, дея хабар беради “Медуза” нашри CNN га таянган ҳолда.
Бучада тинч аҳоли ўлдирилгани маълум бўлгач, АҚШ ва Буюк Британия Россияни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдан чиқаришни талаб қилган. Россия ҳукумати эса Бучадаги одамларнинг ўлимига алоқадорлигини рад этмоқда.
ТАСС аниқлик киритишича, Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдаги ваколатининг муддати тугагунига қадар овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, бироқ йиғилишларда қатнашиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари ҳудудий схема бўйича уч йил муддатга сайланади. Хусусан, Россия ва Украина Шарқий Европа давлатлари орасидан 2021 йилдан 2023 йилгача бўлган муддатга сайланганди.
7 апрель куни Россия БМТ ИҲКдаги ваколатларини муддатидан олдин тугатишга қарор қилди, дея хабар берган “РИА Новости” РФнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосарига таянган ҳолда. Россия БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясини “ноқонуний ва сиёсий мотивацияланган қадам” деб ҳисобламоқда.
If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.
Шарҳлар