Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Айбак шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракатини қоралади

Больница в Айбаке. Фото с сайта 8am.media

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Саманган провинцияси Айбак шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракатини кескин қоралади.

«“Жиҳодия” мадрасасида амалга оширилган қабиҳ ҳаракат кўплаб инсонларнинг, асосан ёш талабаларнинг қурбон бўлишига олиб келди. Яна бир бор шуни маълум қиламизки, бундай зўравонлик ҳаракатлари кескинликнинг кучайишига сабаб бўлиб, Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга, шунингдек, миллий келишувга эришишга тўсқинлик қилади», – дейилади хабарда.

Ўзбекистон ташқи сиёсий идораси ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдирди ва жароҳатланганларнинг тез фурсатларда соғайиб кетишини тилади.

Портлаш оқибатида 35 киши ҳалок бўлган, 27 киши яраланган. Ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадлари олиб борилган Айбак касалхонасининг маълумотларига кўра, уларнинг аксарияти мадраса талабалари.

Афғонистон матбуоти «Толибон» радикал ҳаракати жангарилари мадрасани ўраб олгани ва портлаш содир бўлган жойда сурат ва видео суратга олишга рухсат бермаганини таъкидламоқда.

Афғонистонда фаолият юритаётган террорчи гуруҳларнинг ҳеч бири мадрасадаги портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.