Ўзбекистон ТИВ Қозоғистондаги вазият бўйича расмий баёнот берди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда юзага келган вазият муносабати билан расмий баёнотни эълон қилди. Ҳозирги пайтга келиб норозилик иштирокчилари Алмати аэропорти биносини эгаллаб олган, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев эса Назарбаевнинг ўрнига мамлакат Хавфсизлик кенгашининг раҳбари лавозимини эгаллади.
«Қардош Қозоғистонда кечаётган сўнгги воқеалар Ўзбекистонда хавотир билан қабул қилиниб, ушбу мамлакатдаги вазият ривожи диққат билан кузатиб борилмоқда. Ишончимиз комил, донишманд Қозоғистон халқи мамлакатда беқарорлик авж олишининг олдини олишга, зўравонлик ва инсонлар орасида қурбонлар юзага келишига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқади», – дейилади баёнотда.
Ўзбекистон ТИВ “Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ҳамда равнақи, миллат фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини чексиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлашини” билдирди.
«Қозоғистон халқи ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонамиз».
Қайд этиб ўтамиз, 2 январь куни Қозоғистонда ёқилғи нархлари икки баравар ошиши сабабли норозилик намойишлари бошлаб кетди. Уч кунлик намойишлардан сўнг мамлакат президенти Қасим-Жомарт Токаев ҳукуматни истеъфога чиқарди, нархларнинг давлат томонидан бошқарилишини жорий этди, шунингдек мамлакатнинг учта ҳудудида фавқулодда вазият режимини эълон қилди. Аммо норозилик намойиши ҳамон давом этмоқда. 5 январь куни эрталаб намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви юз берган, улар йирик шаҳарлардаги маъмурий биноларни қўлга олишга уринмоқда.
Шарҳлар