Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида эркин савдо-саноат зонаси ташкил қилинади
Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат расмий ва ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакилларини бирлаштирган Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Яқин келажакда ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида тез орада “Ойбек” ва “Фотехобод” назорат пунктларининг ёнида “Ўзбекистон – Тожикистон” чегараолди савдо-саноат зонасини ташкил қилиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Унда ишлаб чиқариш объектлари, логистика марказлари ва зарур инфратузилма жойлашган бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид очиб берди.
Тадбир доирасида “B2G” ва “B2B” форматидаги иштирокчиларнинг мақсадли учрашувлари ўтказилди. Форум якунлари бўйича 1062,6 миллион долларлик 75 савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди.
Шарҳлар