Ўзбекистон Қундуз шаҳридаги терактни қораламоқда

Источник: AP

Ўзбекистон шу йилнинг 8 октябрида Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида жума намози пайтида кўплаб қурбонларни келтириб чиқарган террорчилик ҳаракатини кескин қоралайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар беради.

«Бундай зўравон ҳаракатлар Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ва миллий келишувни ўрнатишга тўсқинлик қилади», – дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон ҳукумати ушбу ғайриинсоний ҳужумда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этади.

Террорчи-камикадзе олиб ўтган портловчи қурилма жума намози пайтида ишлаб кетган, деб ёзади “Медуза” ресурси.

“Толибон” ҳаракати вакилларининг сўзларига кўра, портлаш натижасида камида 100 киши ҳалок бўлган.

Ҳозирча толиблар портлашда кимни айбдор деб ҳисоблашларини айтгани йўқ. Содир бўлган воқеа учун жавобгарликни бирорта гуруҳ ўз бўйнига олмаган. Бироқ Associated Press агентлигининг қайд этишича, толибларга қарши бундан олдинги терактларни “Ислом давлати” ташкилотининг вакиллари уюштирган.

Қундуз шаҳрида ҳалок бўлганлар сони ҳақидаги маълумотлар бошқа манбалар билан тасдиқланмаган. Агар толибларнинг камида 100 киши халок бўлгани ҳақидаги маълумоти тасдиқланса, унда бу 2021 йил августида ҳокимият тепасига толиблар келганидан кейин Афғонистонда содир этилган ва қурбонларининг сони энг кўп бўлган энг йирик терактга айланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.