Ўзбекистон ва Хитой ўзаро муносабатларни барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига чиқарди
ХХРга давлат ташрифининг ишбилармонлик тадбирлари давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин билан биргаликда Шэньчжэнь шаҳрида ўтаётган қўшма Инвестиция форумида иштирок этди.
Томонлар Ўзбекистон-Хитой муносабатларини барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқадиган давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилди.
Давлат раҳбари яқинда Урумчида ўтган ҳудудлараро форум ва саноат маҳсулотлари кўргазмасида муҳим инвестиция келишувлари имзоланганини юқори баҳолади.
Шу муносабат билан инвестиция лойиҳалари портфелини, инфратузилма ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурларини кенгайтириш бўйича хитойлик шериклар билан келишувларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Шунингдек, ташриф давомида Хитойнинг етакчи банклари томонидан лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш, Экспорт-импорт банки ваколатхонасини очиш ва Ипак йўли фонди билан биргаликда янги Инвестиция платформасини яратиш бўйича қабул қилинган қарорлар хитойлик ҳамкорларнинг Ўзбекистондаги муваффақиятли фаолиятига кучли суръат бағишлаши таъкидланди.
Яна бир янгилик. Ҳар бир хитойлик ҳамкорга лойиҳалар бошидан охиригача ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежери тайинланади. Улар компанияларингиз лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишида янги имкониятлар яратишига қатъий ишонамиз, – деди президент.
Якунда Ўзбекистон президенти ушбу Гуандун инвестиция форумини ҳар йили ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, унинг навбатдаги учрашувини келгуси йилда Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.
Шарҳлар