Ўзбекистон ва Қозоғистон бизнес-форумида 3 млрд долларлик келишув имзоланди (тўлдирилди)

Источник: Министерство инвестиций и внешней торговли Узбекистана

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес форуми бўлиб ўтди, унда икки мамлакат асосий вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари, холдинг компаниялари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доираларининг 400 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди, дея хабар беради “Дунё”.

Форум якунлари бўйича Самарқанд ва Туркистон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида Битим, қишлоқ хўжалиги соҳасига доир инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини мужассам этган алоҳида «Йўл харитаси», шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар имзоланди.

Энг йирик келишувлар:

– Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва агросаноат комплекси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури (1 317,9 млн. доллар);
– «Chevrolet» русумли автомашиналар комплектлари ва бутловчи қисмларни етказиб бериш бўйича келишув (500 миллион доллар)
– Чимкент шаҳрида тўқимачилик мажмуасини қуриш лойиҳаси бўйича ўзаро англашув меморандуми (лойиҳа қиймати 98 миллион доллар)
– «Ангрен-Поп-Қўқон-Андижон-Савай» темир йўл участкасида сигнализация ва алоқа тизимини модернизация қилиш (76,4 млн. доллар);
– Ўзбекистонда мультимодал транспорт-логистика марказини қуриш бўйича ҳамкорлик меморандуми (70 млн. доллар);
– «Артель» маиший техника ишлаб чиқариш бўйича лицензия шартномаси (55 млн. доллар);
– «Қозоғистонда кичик ҳажмдаги йиғиш усули бўйича «Chevrolet» автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасини молиялаштириш бўйича келишув (50 млн. АҚШ доллари);
– Остонада керамик плиткалар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини бошлаш тўғрисидаги келишув (40 млн доллар) ва бошқалар.

“Ўзбекистон биз учун Марказий Осиёдаги асосий, ишончли ва истиқболли ҳамкордир, – деди Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин. – Мамлакатлар ўртасида тобора ривожланиб бораётган савдо алоқалари дўстона муносабатларимизнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Қозоғистон Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Форумнинг ўтказилиши минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва жаҳон бозорида Марказий Осиё брендларини яратиш муҳимлигининг яна бир исботидир”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.