Ўзбекистон ва Россия президентлари Марказий Осиёдаги вазиятни Қозоғистондаги воқеалар нуқтаи назаридан муҳокама қилди
13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Томонлар Марказий Осиёдаги вазиятни Қозоғистонда рўй берган воқеалар нуқтаи назаридан муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.
«Қозоғистон раҳбарияти томонидан ушбу мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш, вазиятни барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланди».
Шунингдек суҳбатда давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
«Олий даражада ўтган учрашувда эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан таъкидланди. Турли даражалардаги делегацияларнинг ўзаро ташрифлари фаоллашган. 2021 йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 33 фоизга ошган. Ҳудудлараро йўналишда, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатлар фаол ривожланмоқда», – дейилади хабарда.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар ўтказиш муҳим эканини қайд этдилар.
Қайд этиб ўтамиз, 2 январь куни Қозоғистонда ёнилғи нархи икки баравар ошиши сабабли намойишлар бошланган. Уч кунлик намойишлардан сўнг мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди, нархларнинг давлат томонидан бошқарилишини жорий этди ва учта ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилди, бироқ намойишлар тўхтамади. Қозоғистон ИИВ қўлга олинган қарийб 10 мингта намойишчи ҳақида айтмоқда. Шунингдек Тоқаев ёрдам сўраб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилган. Қозоғистонга Россия, Беларусь ва Арманистондан тинчликпарвар қўшинлари юборилган.
Шарҳлар