Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги пул оқимлари экспорт ва миграция ҳисобидан икки бараварга ошди

Источник: unsplash.com

Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 2022 йилнинг 9 ойи давомида меҳнат муҳожирларининг ўтказмалари, экспорт ва капиталнинг чиқиб кетиши ҳисобига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравардан кўпроқ ошиб, 10,7 миллиард долларни ташкил этди, деб ёзади Reuters агентлиги молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исаковга таянган ҳолда.

Худди шу даврда Ўзбекистон Украинадаги уруш оқибатларини компенсациялаш учун бюджет тақчиллигини 1,3 миллиард долларга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизига оширди, деди Исаков.

Миллионлаб ўзбекистонликлар Россияда ишлаб, ватанидаги оилаларига пул жўнатишади. Бу оқимлар иккинчи чоракда Россия рубли долларга нисбатан пасайганида камайди, бироқ ўшандан бери рубль ўз йўқотишларини қоплаганидан кўра кўпроқ тикланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг кўплаб кичик экспортчилари, масалан, авваллари нақд доллар кўринишида пул ўтказган мева сотувчилар тушумларини Ўзбекистонга қайтариш учун пул ўтказмаларига ўтишган, деди Исаков.

“Ва, албатта, Россиядан капитал оқими бор”. Исаковнинг сўзларига кўра, 20 000 га яқин россиялик АТ-мутахассислар ҳукумат томонидан молиялаштирилган сектор учун соддалаштирилган иммиграция дастури доирасида Ўзбекистонга кўчиб келган. Яқинда Москванинг сафарбарлик чақириғидан сўнг Ўзбекистонга келган яна 70-80 минг россияликнинг кўпчилиги ҳам ўзлари билан омонатларини олиб келишмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки маҳаллий банкларда мувофиқлик назоратини кучайтириш чораларини кўряпти ва Москванинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Ғарб санкцияларига дучор бўлган Россия субъектлари билан муносабатларда маслаҳат бериш учун White & Case юридик фирмасини ёллаган.

Ўзбекистон Россия-Украина уруши оқибатида юзага келган ноаниқликларга қарийб 1,3 миллиард долларлик контртциклик бюджет пакети билан жавоб берди, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги чоралари, солиқларни камайтиришни кенгайтириш, экспорт субсидиялари ва пенсияларни ошириш шулар жумласидандир, – дейди Исаков.

Уни молиялаштириш учун ҳукумат жорий йил учун ички қарз олиш режасини 50 фоизга ошириб, 9 триллион сўмга (820 миллион доллар) етказди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.