Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари нималар ҳақида келишиб олишди

Источник: president.uz

Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон президентларининг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

«Томонлар кимё тармоғидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини юксак баҳоладилар. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачик ва фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган», – дея қайд этади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

Шу мақсадда ўрта мудддатли Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури қабул қилинади. Бундан ташқари, энг истиқболли лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма лойиҳа офиси ташкил этилади.

Ўзбекистон президенти бугун минтақа сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга Амударё бўйича битим имзоланишини мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан Туркманистондан электр энергияси, газ ва нефть маҳсулотларини харид қилишдан манфаатдор.

Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари томонидан битимлар имзоланди. Жами 19 та ҳужжатга имзо чекилди, шулар жумласидан:

– Транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим;

– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Амударё сув ресурсларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида битим;

– Ташаббусли илмий-тадқиқот лойиҳаларининг қўшма танловини ўтказиш тўғрисида битим;

– 2022-2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури;

– 2022-2024 йилларга мўлжалланган илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида дастур;

– 2023-2024 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;

– Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси – Савдо марказини ташкил этиш ва фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим қоидаларининг амалий ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси.

Шунингдек, кимё тармоғи, божхона, темир йўллар, музейлар, адлия, ёшларга доир сиёсат, телерадиоэшиттириш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик юзасидан қатор ҳужжатлар имзоланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.