Ўзбекистон ва Жанубий Корея президентлари Сеулда қандай келишувларга эришди

Источник: president.uz

17 декабрь куни Корея Республикаси Президентининг Сеул шаҳридаги “Чонг Ва Дэ” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш фондини (EDPF) жалб қилган ҳолда Тошкент вилоятида яримўтказгич ва электроника ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Корея кластерини ташкил этиш таклифини билдирди. Унинг ҳудудида фан-таълим муассасалари, илғор технологиялар соҳасидаги тадқиқот ва ишланмалар марказларини жойлаштириш мумкин бўлади.

Ўзбекистон Президенти университетлар ўртасидаги инновацион ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканини таъкидлаб, уларнинг мунтазам мулоқоти учун доимий майдон яратиш, келгуси йилда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форумини ўтказишни таклиф қилди.

Давлат раҳбари 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилишни, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этишни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳа ва дастурларини илгари суриш мақсадида парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги мулоқотнинг янги самарали механизмларини жорий қилишни таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни қабул қилдилар.

Бу ҳужжатда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш, икки халқ ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадлари ўрин олган. Рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва кучли ижтимоий сиёсат соҳалари алоҳида стратегик шерикликнинг уч муҳим йўналиши сифатида белгиланган.

Икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, шунингдек, энергетика соҳасида ўзаро мулоқот ўрнатиш, “ақлли шаҳар”ларни ривожлантириш, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси орқали молиялаштириш, нодир металлар, мис ва уларнинг қотишмаларига оид меморандумлар имзоланди.

Шунингдек, ташриф доирасида ахборот технологиялари, “ақлли” қишлоқ хўжалиги соҳаларига оид меморандумлар ҳамда Иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда тиббий ускуналар етказиб бериш тўғрисида битим имзоланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.