Ўзбекистонда 2035 йилгача аэропортларни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни транспорт ва коммунал соҳалардаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълумотига кўра мамлакат аэропортларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган.

Тақдимотда ушбу стратегияни 2026 йилгача амалга ошириш дастури муҳокама қилинди.

Бунда аэропортларни ихтисослаштириш, жумладан, Тошкент аэропортини халқаро хаб, Навоий аэропортини юк ташиш хаби, Самарқанд ва Бухоро аэропортларини туризм хабларига айлантириш кўзда тутилган.

Тошкент халқаро аэропортини модернизация қилиш орқали йўловчиларни ўтказиш қувватини соатига 2 минг 400 нафарга ошириш, рўйхатдан ўтиш, паспорт назорати ва самолётга чиқиш йўлакларини кўпайтириш режалаштирилган.

Фарғона водийсидаги учта – Андижон, Наманган ва Фарғона аэропортлари шаҳарлар ичида жойлашгани ва атрофи бино-иншоотлар билан зич ўралгани сабабли уларни кенгайтириш имконияти чекланган. Шу боис учта вилоятнинг ўртасида янги халқаро аэропорт қуриш таклиф этилмоқда.

Президент аэропортларда хизматларни кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, нархларнинг ҳамёнбоплигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.