Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини масофадан туриб янгисига алмаштиришга рухсат берилади

Источник: autostrada.uz

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш жараёнини масофадан туриб амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис йиғилиши давомида республика адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди, деб ёзади “Фергана” нашри.

Давлетовнинг сўзларига кўра, ҳайдовчилар кўпинча охирги дақиқада гувоҳномаларини алмаштириш учун келишади ва навбатда туришни исташмайди, расмийлар хизмат муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилганида эса, улар алмаштиришни яна кейинга қолдиришади. Натижада давлат хизматлари марказлари бўм-бўш.

“Биз тушунтириш ишларини олиб боряпмиз, турли мемларни ўйлаб топяпмиз, мултфильмларни кўрсатяпмиз, реклама беряпмиз, лекин ҳайдовчилар гувоҳномаларини алмаштиришга шошилмаяпти. Вазият такрорланишининг олдини олиш мақсадида тўлиқ электрон форматга ўтишни режалаштирганмиз. Битта камчилик бор – гувоҳномада имзо бўлиши керак. Шу сабабли мажбурий шахсий иштирок этиш талаб этилади. Ҳозир бу талабни бекор қилиш устида ишлаяпмиз”, — дейди Давлетов.

Агар имзога эҳтиёж бўлмаса, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш учун ҳужжатлар фақат электрон шаклда қабул қилинади ва гувоҳномалар почта орқали юборилади.

Ўзбекистонда эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш 2017 йилда бошланганди. Фуқаролар янги турдаги ҳужжатни олиш учун ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлимларига ёки давлат хизматлари марказларига мавжуд ҳайдовчилик гувоҳномаси, техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси ва давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанцияни тақдим этиши керак. Ушбу ҳужжатларни алмаштириш жараёнини 2020 йил 31 декабргача якунлаш режалаштирилган эди, аммо бунинг иложи бўлмади ва 2020 йил баҳорида муддат яна бир йилга узайтирилди. 2021 йил ноябрь ойида ҳукумат алмаштириш муддатини яна 2022 йил охиригача узайтирди.

Жорий йилнинг март ойида Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари агентлиги Ўзбекистондаги 5,7 миллион нафар гувоҳнома эгасидан 3,1 миллиони ҳалигача гувоҳномасини алмаштирмагани ҳақида хабар берган эди. Ўзгартириш муддатини 2023 йил охиригача узайтириш таклиф қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.