Ўзбекистонда аёллар меҳнати: Ишсизликнинг ортиши ва маошларнинг камлиги
Ҳозирда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси дунёнинг турли нуқталарида меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда 21 февраль куни Тошкентда ўтказилган халқаро конфренцияда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев маълум қилганди. Вазирнинг таъкидлашича, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,3 млн нафари ишсиз. 2022 йилда қашшоқлик даражаси 17 фоиздан 14,1 фоизга тушган, 2023 йилда бу кўрсаткични 12 фоизгача камайтириш кутилаётганлиги айтилганди.
Юқоридаги рақамлар эса мамлакатда хотин-қизларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири бўлиб келган уларнинг бандлигини таъминлаш масаласини яна асосий майдонга олиб чиқади. Муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлиб қолмоқда. 2020 йилдаги статистик маълумотларга эътибор қаратилса Ўзбекистонда 1 миллион атрофида ишсиз аёл бор, бунга доимий иш ўрнига эга бўлмаган, мавсумий ишларда банд аёллар қўшилса, уларнинг сони 2-2,5 миллионни ташкил қилади.
Review нашри олиб борган тадқиқотларга эътибор қаратилса, “2021 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентдаги аёллар сони 32%га етди ва мамлакат бу кўрсаткич бўйича 190 давлат орасидан 37-ўринни эгаллади. Сиёсий партияларда хотин-қизларнинг улуши 44%га, олий таълимда 40%га, тадбиркорлик фаолиятида 35%га етди. Раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётган аёлларнинг улуши 27%га тенглашиб, 6 нафар аёл ҳоким, бир нафари элчи лавозимига тайинланган”лигини кўришимиз мумкин.
Бироқ, олий ёки ўрта-маҳсус маълумотга эга бўлмаган, мамлакатнинг олис ҳудудларида яшовчи аёлларчи? Уларнинг иш билан бандлиги масаласи хануз очиқ қолмоқда дея оламиз.
Ҳўш ушбу кўрсатгич 2023 йилнинг шу даврига келиб қанчага пастлаган ёки ортган?
Умумий ишсизлик даражаси эса 2022 йилда 8.9 % ташкил қилган, 2023 йил маълумотлари эса кўрсатилмаган.
Хозирда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, барча соҳаларда гендер тенглигига эришиш, меҳнат бозорида камситишларга барҳам бериш ва иш ҳақи тенглигини таъминлаш бутун дунёда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Пандемия аёллар бандлигига жуда салбий таъсир кўрсатди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, 2019−2020 йилларда аёллар бандлиги 4,2%га камайган ва жами 54 млн иш ўрни бой берилган. Бу 2020 йилда ишлайдиган аёллар сони 2019 йилдагига нисбатан 13 миллион нафарга камайганлигини англатади.
Ўзбекистон Статистика агентлигининг расмий сайтидаги маълумотларга аҳамият берилса аёллар сони 17 млн 896 минг нафардан ортиқлигини кўришимиз мумкин.
ХМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат бозорида иштирок этиш даражаси 60% ни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич эркаклар ўртасида 71,9% ни, аёллар орасида эса 46,6% ни ташкил қилган. Умуман олганда, аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларнинг иқтисодий фаоллигидан 1,5% кам.
Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст. 2021 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич аёллар орасида 41,3 фоизни, эркаклар орасида эса 56,9 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон аёлларининг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллиги 30 ёшдан бошланади. Сабаби, ўртача 22,3 ёшида турмуш қуради ва ундан кейин камида 2 йилни туғруқ таътилида ўтказади. Ундан сўнг меҳнат бозорига қайтади, лекин қисқа вақтдан кейин уларнинг такрорий туғруқ таътилига чиқиш эҳтимоли юқори.
Ўзбекистонда сўнгги 5 йил давомида аёллар бандлик борасидаги режаларини ўзгартирмаган. Айтиб ўтилганидек, ўзбек аёллари асосан ижтимоий соҳа тармоқларида фаолият юритади ва айнан мана шу соҳаларда энг паст иш ҳақи кузатилади. Юқори маош тўланадиган соҳаларда асосан эркаклар (IT соҳаси ва молия сектори) ишлайди. Эътиборлиси, таҳлил этилаётган даврда IT соҳасида банд бўлган аёллар улуши 3%га ошган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва ишлаб чиқариш каби оғир жисмоний меҳнат талаб этувчи соҳаларда хотин-қизлар салмоғининг камайиши кузатилмоқда.
Олий маълумотга эга бўлиш юқори маош тўланадиган ишларда меҳнат қилиш имконини беради. 2020 йилда республиканинг 25 ва ундан катта ёшдаги аҳолиси орасида олий маълумотли аёллар улуши 13,2 фоизни, эркаклар улуши эса 20 фоизни ташкил этди. Бинобарин, юқори маошли ишларга кўпроқ эркаклар жалб қилинади.
Хотин-қизларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш борасида давлат раҳбари ҳам қатор учрашувларда ўз фикр ва муносабатларини баён қилиб келади. 2022 йилнинг 7 мартида имзоланган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида ҳам асосий масала хотин-қиларнинг бандлиги, турмуш тарзи ва яшаш шароитларига қаратилган.
Унда, 2022 — 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича “Миллий дастур” қабул қилиниши. Дастурда, Ўзбекистонда «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар» доирасида устувор мақсадлардан бири сифатида «Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» белгиланган. Ушбу мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишида уларни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи дастурларни кенгайтириш талаб этилиши алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, хотин-қизларнинг меҳнат муносабатлари, уларнинг иш билан бандлик масалалари эса доим муаммолардан бири бўлиб келган. Бу борада "Оила ва хотин-қизлар" илмий-тадқиқот институти мутахассислари жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ўрганиш учун республикадаги турли вилоятларда тадқиқот ўтказди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги унинг натижаларини эълон қилди. Унинг натижаларини қуйида тақдим этамиз. (1-5-6-7-8-саволларга жавоблар олинган)
Тадқиқот объекти сифатида 18–50 ёш оралиғидаги хотин-қизлар ва уларнинг ҳуқуқий маданияти даражаси олинди. Жамиятимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси юқори ёки пастлигининг асосий сабаблари сифатида анъанавий турмуш тарзи, яшаш ҳудуди (қишлоқ), ижтимоий келиб чиқиши, маълумоти, оила типи, жамиятдаги устувор қадрият ва меъёрларга боғлиқ бўлганлиги инобатга олинган ҳолда хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг самарадорлигига таъсир этувчи омиллар, муаммолар ва тўсиқлар ўрганилди.
Тадқиқотда бирламчи маълумотлар тўплаш методи сифатида сўров ва тест усулларидан фойдаланилган.
Ҳудудларни танлаш мамлакатнинг географик-маданий бўлинишидан келиб чиққан ҳолда жанубий ҳудуд — Қашқадарё, марказий ҳудуд — Самарқанд, янги шаклланган ҳудуд — Сирдарё, шарқий (водий) ҳудуд — Фарғона, алоҳида миллий-ҳудуд — Қорақалпоғистон Республикаси ва пойтахт сифатида Тошкент шаҳри танланган.
Унда 18−50 ёш оралиғидаги жами 800 нафар хотин-қизга тест саволлари берилди. Маълумотларни компьютерда қайта ишлаш вақтида улардан 797 та сўров варақаси яроқли деб топилди ва маълумотлар шу натижалар асосида таҳлил қилинди. Уларнинг 440 нафари, яъни 55,2 фоизи шаҳар, 357 нафари, яъни 44,8 фоизи қишлоқ жойларида яшайди.
Респондентларнинг ҳудудлар бўйича тақсимоти қуйидагича
(сон ва фоиз кўринишида).
1-савол: Сиз одатда қандай ҳолатларда ҳуқуқий маълумотга муҳтожлик сезасиз?
5-савол: Иш жойингизда қонун бузилиши ва ҳуқуқни поймол қилиш ҳолатлари бўладими?
Сўровда иштирок этган аёлларнинг 74 фоизи ишлашини айтган. Уларга иш жойларида қонун бузилиши ва ҳуқуқни поймол қилиш ҳолатлари юзасидан савол берганда овозлар қарийб тенг иккига ажралганини кўриш мумкин.
6-савол: Қонун ва ҳуқуқни бузиш ҳолатлари кўпроқ кимга нисбатан содир бўлади?
Бунда энг кўп овозни (32,8%) «жавоб беришим қийин» ва «барча ходимларга нисбатан» (29,4%) деган жавоблар олди. Ҳар ҳолда, хотин-қизларга нисбатан қонун ва ҳуқуқ бузилиши ҳолатлари у қадар кўп эмаслиги (11,5%) гендер нуқтаи назаридан камситилиш борасидаги вазият салбийдан кўра кўпроқ ижобий эканидан далолат бермоқда.
7-савол: Бирор ташкилотга ариза ёки шикоят билан мурожаат қилганмисиз?
Натижалар шуни кўрсатдики, 64% хотин-қизлар мазкур ҳаракатларга қўл урмаган. Қолган 40 фоизга яқин респондентлар ташкилотларга ариза ёки шикоятлар билан мурожаат қилганида уларнинг 42 фоизи бу ишни ўзлари амаллаган, қолган респондентлар эса яқин инсонлари, ҳуқуқий фирмалар ёки ҳуқуқий билимга эга бўлган инсонларнинг кўмагидан фойдаланган. Демак, аёлларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини яхши даражада, деб баҳолаб бўлмайди.
Шунингдек, ижтимоий таъминот билан боғлиқ муаммо чиқса, аёлларнинг аксарияти (54,5%) уни қонуний йўл билан мурожаат қилиш орқали ҳал қилади. Турмуш ўртоғи орқали (27%), пул бериш орқали (9,1%), танишларни ўртага қўйган ҳолда (6%), ижтимоий тармоқ ва блогерларга мурожаат қилиш орқали (0,9%) муаммоларни ечишга ҳаракат қиладиганлар ҳам бор. Мазкур маълумотлар орқали аёллар ўртасида ҳар ярмидан кўпи муаммоларини қонуний йўл билан ҳал этишга уринишлари намоён бўлиши айтилди.
8-савол: Қонун бузилиши ёки ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг гувоҳи бўлсангиз, қандай йўл тутасиз?
Жавобларга кўра, респондентларнинг чорак қисми ўша ҳуқуқбузарликнинг жабрдийдасига бу борада маслаҳат беради (26,1%), яна шунча қисми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беради (24,7%), 15 фоизга яқини эса бевосита жараёнга ўзи аралашади. 12 фоизга яқин респондентлар жавоб беришга қийналган бўлишса, қолганлари муаммоли вазиятга ўзи тушмаслиги учун аралашмаслиги, индамай кетиши ва вазиятга кўра иш тутишини маълум қилди.
Мазкур саволларга берилган жавобларнинг умумий тўғрилик даражаси 43,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳолат аёллар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси юқори даражадан анча паст эканини кўрсатмоқда.
Юқоридаги холатлар эса Ўзбекистонда аёлларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигини оширишни, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишни тақозо этади.
Бобур Каримов
Шарҳлар