Ўзбекистонда “Болалар ва ёшларга дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббусини амалга ошириш бошланди

Источник: Юксалиш

Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ёшлар ишлари агентлиги ва ЮНИСЕФ Ўзбекистонда “Болалар ва ёшларга дўстона маҳаллий бошқарув” (БЁДМБ) ташаббусини амалга ошириш мақсадида олтита шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ЮНИСЕФ хабар беради.

Швейцария ҳамкорлик агентлиги томонидан қўллаб-қувватланган ушбу ташаббус ўтган йили Ўзбекистонда эълон қилинган БЁДМБ ташаббуси доирасида намунали деб танланган шаҳарларда илк бор амалга оширилади.

Ушбу ташаббус болалар ва ёшларнинг овози, эҳтиёжлари, устувор масалалари ва ҳуқуқлари давлат сиёсати, дастурлари ва қарорларининг ажралмас қисми бўлган жамоаларни яратишга қаратилган шаҳар ва қишлоқларнинг глобал ҳаракатига қўшилади.

Швейцария ҳамкорлик агентлигининг 400 000 АҚШ доллари миқдоридаги гранти доирасида ЮНИСЕФ Андижон вилоятининг Асака,  Фарғона вилоятининг Қўқон,  Навоий вилоятининг Зарафшон, Сурхондарё вилоятининг Термиз, Хоразм вилоятининг Янгибозор, Қорақалпоғистон Республикасининг Бўстон шаҳарларидаги маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларини қўллаб-қувватлайди. Ёрдам асосан, маҳаллий ҳокимият органларининг муҳим қарорлари бўйича дастурларни режалаштириш ва амалга оширишга ёшларни жалб қилиш орқали болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилади.

— Ушбу ташаббус ёшларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш, уларнинг овози баралла янграши ва ўз жамиятларида мазмунли иштирок этишлари учун қулай муҳит яратувчи ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтириш воситасидир, — деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — Ўзбекистоннинг дастлабки олтита шаҳри “Ёшлар ва болалар учун дўстона шаҳар” унвонига сазовор бўлиш учун ушбу глобал ташаббусга қўшилаётганидан мамнунмиз.

Лойиҳанинг кейинги босқичлари сифатида маҳаллий ҳокимият органлари болалар ва ёшларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича реал Ҳаракат режалари асосида аниқ кун тартибини илгари суради.  Барча тадбирлар ёшлар билан биргаликда уларнинг ўз шаҳарларида ўтказилади.  Маҳаллий ҳокимият органлари ёшларни жалб қилиш учун барқарор платформаларни яратади.  Малака ошириш фаолияти устувор йўналиш бўлиб,  фаол иштирок этиш ва ижтимоий инновация тамойилларига риоя қилинади.

— Ўзбекистонда навқирон авлоднинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган, — деди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. — Мамлакатимизнинг болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳарлар глобал ташаббусига қўшилиши болалар ва ёшларнинг бевосита уларнинг фаровонлиги билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирок этишига тизимли ёндашувни таъминлайди.  Бу – маҳаллий ҳокимликлар ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш имконини беради.

Ташаббус ёшлар бандлигини ошириш каби қатор масалаларни, жумладан  сифатли таълим олиш учун тенг имкониятларни кенгайтириш; мазмунли дам олиш; хавфсиз муҳитни яратиш;  соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни қамраб олади.

— Ўзбекистон ёшлар мамлакати бўлиб, улар аҳолининг қарийб 60 фоизини ташкил қилади.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита ташаббуси ва амалий кўмаги билан мамлакатимизда ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида улар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди.  Ушбу тизим ҳар бир маҳаллада ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдан бошланадиган барча даражаларда ёшлар билан ишлашга асосланган, — деди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. 

2022 йил якунида шаҳарлар болалар ва ёшларнинг эҳтиёж ва манфаатларини ҳисобга олган ҳамда улар билан биргаликда ишлаб чиқилган Ҳаракат режаларини тақдим этади.  Олтита шаҳардан Ҳаракат режалари энг яхши тузилган учтасига ёшлар билан ишлаш учун қўшимча бюджет маблағлари тақдим этилади. 2023 йил якунида ушбу ташаббуснинг муваффақияти баҳоланади ва бутун мамлакат бўйлаб бошқарув тизимини жорий этиш режаси ишлаб чиқилади.  Энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган шаҳарларга “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” мақоми берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.