Ўзбекистонда Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади

Источник: rawpixel.com

6 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсати ва спортни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати қайд этишича, юртимизда футбол энг оммавий спорт тури. Шу боис бу йўналишни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. ФИФАнинг махсус дастури асосида боғча ва маҳаллаларда “Оммавий футбол”, ўрта таълимда “Мактабларда футбол” ҳамда олий ўқув юртларида “Талабалар лигаси” дастурларини жорий қилиш таклифи билдирилди.

Соҳа инфратузилмасини ривожлантириш учун Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳудудий футбол ассоциацияларининг раҳбарлари этиб белгиланади.

Янги тизимга кўра, ёшлар ўртасида фестиваль, форум, танлов ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ягона йиллик календарь режа асосида ўтказиш жорий қилинади ва бу бўйича маълумотлар yoshlarportali.uz ягона электрон платформасига жойлаштириб борилади. “Ёшлар дафтари” орқали тақдим этиладиган ижтимоий-иқтисодий хизмат турлари 2023-2024 йилларда 1,5 баробаргача оширилади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги таркибидаги 3 та давлат унитар корхонаси фаолияти мақбуллаштирилиб, уларнинг функцияси хусусий секторга ўтказилади.

Соҳа вакилларини қўшимча рағбатлантириш мақсадида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси жорий этилмоқда.

Давлат раҳбари бу таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни самарали амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.