Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашишда хусусий секторнинг потенциал роли

Источник: ПРООН в Узбекистане

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) Буюк Британия Ташқи ишлар ва тараққиёт вазирлиги билан ҳамкорликда иқлим ўзгариши бўйича миллий мажбуриятларни бажаришга хусусий сектор қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини муҳокама қилиш учун давра суҳбати ўтказди. Бу ҳақда БМТТД хабар беради.

2021 йил ноябрь ойида Шотландиянинг Глазго шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (ТК-26) иштирокчиларининг 26-конференцияси бўлиб ўтди. Давра суҳбати иштирокчиларига ушбу ТК-26 да миллий делегация томонидан эълон қилинган Ўзбекистоннинг Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссияси миқдорини камайтириш бўйича дастлабки миллий мажбуриятлари (2010 йил даражасидан 10 фоизга) қайта кўриб чиқилгани ва сезиларли даражада оширилганлиги, яъни 2030 йилга бориб 35 фоизгача белгиланганлиги ҳақида маълумот берилди.

Давра суҳбатида фаол фуқаролик позициясига эга, ўз масъулиятини англаган, иқлим ўзгаришига қарши курашда миллий миқёсда, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида фаол иштирок этишни мақсад қилган Ўзбекистон хусусий сектори вакиллари йиғилди. Хусусий сектор иштирок этадиган миллий иқтисодиёт тармоқлари иқлим ўзгариши таъсирига нисбатан заиф ёки ўзлари иссиқхона газларининг жуда катта эмиссия манбасидир.

Озон қатламини нолга тенг даражада емирувчи ва глобал исиш потентсиали паст бўлган энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича совутиш ва кондиционерлик соҳасида фаолият юритувчи маҳаллий хусусий компания иштирокида амалга оширилаётган ишлари ҳақида гапириб, “Хусусий сектор иштироки ва янада кенгроқ жалб этилиши иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш жараёнида кучли ҳаракатлантирувчи кучга айланиши ҳамда инноватсион ва кам углеродли технологияларни кенг жорий этиш ва қўллашга ҳисса қўшиши мумкин”, – деди БМТТД/ГЭФнинг Ўзбекистондаги лойиҳаси раҳбари Исроилжон Хасанов.

Давра суҳбати иштирокчилари Париж келишувининг асосий мақсад ва вазифаларига эришиш бўйича миллий миқёсдаги ишларнинг устувор йўналишлари билан танишди. Режалаштирилган ва амалга оширилаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация ва янгилаш, ишлаб чиқаришнинг энергия сарфини камайтириш, электр тармоқларида йўқотишларни камайтириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кўпайтириш, нефть ва газ саноатида табиий газ сизиб чиқишини бартараф этиш, саноат ва сув хўжалигидаги энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, кам углеродли бинолар қуриш, транспортни тоза ёқилғига ўтказиш, ўрмон майдонларини кенгайтириш ва ер унумдорлигини ошириш кўтарилган мажбуриятларни бажариш учун асос бўлмоқда.

Хусусий сектор вакиллари иштирокидаги давра суҳбати БМТТД томонидан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизматлари маркази (Ўзгидромет) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Марказий Осиёда иқлим хавфсизлигини таъминлаш бўйича сиёсий ҳаракатлар – II босқич” минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилди. Унинг мақсади хусусий секторнинг Париж келишуви бўйича иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича миллий мажбуриятларни бажаришга қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги тўғрисидаги нуқтаи назарини аниқлаш эди.

Муҳокама уларга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш мақсадида тегишли қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар вакиллари билан саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ҳамда хусусий сектор томонидан таклиф этилаётган салоҳиятни янада ошириш орқали бартараф этилиши мумкин бўлган камчиликларни тушунишга ёрдам берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.